Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорида муҳим ўзгаришлар кутилаяпти

Пойтахтимизда Президентимиз раислигида жорий йилда уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимизда ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 мингдан уй-жойлар барпо этилган. Бу олдинлари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 4-5 баравар кўп, дегани.

Йиғилишда бу етарли эмас эканлиги таъкидланди

– Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак, – деди Президент.

– Буни тегишли мутахассислар ҳисоблаб чиққан. Энди асосий эътиборни лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, соҳани маблағ билан таъминлаш ва ҳалол-пок ишлатиш, малакали мутахассислар тайёрлаш каби кўплаб муаммоларни бартараф этиш лозим.

Давлатимиз раҳбари шу сабабли, аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги Фармон тайёрланганини таъкидлади.Ушбу Фармонда, энг муҳими аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Жорий йилда 54 минг оилаларни уй-жой билан таъминлаш белгиланган.

Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилади.

Шундан: “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Шаҳар қурилиш инвест” томонидан 12 мингта; янги тартиб бўйича Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26,5 мингта квартира; ҳар бир вилоятда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тадан, жами 6,5 мингта оилага кредит ажратилади.

Шунингдек, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилиши бошланган 8 мингта квартира жорий йилда фойдаланишга топширилади.

Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса аёлларга “ижтимоий уй-жойлар” ижара асосида ажратилади.

Жами 54 минг уй-жойдан: Қорақалпоғистонда – 2 290 та, Андижонда – 4 665 та, Бухорода – 3 220 та, Жиззахда – 1 670 та, Қашқадарёда – 3 710 та, Навоийда – 1 836 та, Наманганда – 4 025 та, Самарқандда – 4 479 та, Сурхондарёда – 3 989 та, Сирдарёда – 1 414 та, Тошкент вилоятида – 4 046 та, Фарғонада – 4 530 та, Хоразмда – 3 016 та ва Тошкент шаҳрида – 7 556 та уй-жой топширилади.

Источник: uza.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *