Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида қурилаётган кўп қаватли Akay City мажмуаси яқинида биргина хонадон бузилмай турибди. Хонадон эгалари ва мажмуа маъмурияти ўртасидаги низо бир неча йилдан буён давом этяпти.

Мулкдорлар компания таклифига кўнмаяпти. Компания эса хонадон эгаларини мажбурий тартибда уйдан чиқариш бўйича судга ариза киритган.

Уй эгаси: «3 йилдан бери шу аҳволда яшайман»

Фуқаро Чингиз Расуловнинг мурожаатидан сўнг Akay City турар жой мажмуаси қурилаётган ҳудудга бордик.

Мурожаатчи Мирзо Улуғбек тумани Қори Ниёзий кўчаси 25-уйда яшаб келади. Унинг айтишича, 3 йилдан буён шу аҳволда яшамоқда. Уйнинг ёнгинасида кўп қаватли уйлар қурилиши сабаб ҳаловати йўқолган. Шунингдек, қурилиш ишлари уйнинг ва уйдаги одамлар хавфсизлигига ҳам соя солиши мумкин.

«Компаниянинг берган таклифларига биз рози эмасмиз. Шу жойларда шунақа уйлар қурилаётганидан хурсандман. Лекин бу уй – 6 нафар мулкдорнинг мулки. Ҳаммаси ҳар томонга кетишди. Чунки яшаб бўлмайди.

Чингиз Расулов

Менга 72 квадратли иккита уй беришмоқчи. Қонун бўйича 6 одамни рози қилишсин, бўлди. Қурилиш жараёнида уйимнинг ҳовлисига катта-катта тошлар ҳам тушиб кетяпти. Бу менинг шахсий мулким. Бир умр фойдаланиш учун берилган. Нега менинг муаммомни ҳал қилмасдан қурилишни давом эттиришмоқда? Бу аҳволда яшаб бўлмайди-ку!» — дейди Чингиз Расулов.

Akay City: «Бу уйнинг ўзи низоли»

Дилдора Нурмуҳамедова

Ҳолат бўйича компания юрисконсульти Дилдора Нурмуҳамедовадан изоҳ сўрадик. Унинг айтишича, бу уйнинг ўзи унда яшовчи оила аъзолари ўртасида низоли. Компания бир неча бор фуқарога таклиф билан чиққан, лекин уйда мулкдорлар кўплиги сабаб, ҳаммасини рози қилишнинг иложи йўқ.

«Биз кўплаб таклифлар билан чиққанмиз. Akay City’дан 72 квадратли уйдан иккита таклиф қилганмиз. Лекин улар бунга норози бўлишмади. Чунки бу уйни 2018 йил «снос»га тушганидан фойдаланиб, 2020 йил март ойида 4 нафар фуқарога ҳадя шартномаси орқали мулкдор қилиб, уйга рўйхатга қўйилган. Мақсад – мулкдорларни кўпайтириш орқали кўпроқ компенсация ундириш бўлган. Ҳозирда келишувга эриша олмадик.

Уйнинг эгасига таклиф қилаётган уйимизнинг бир квадрат метри 16 млн сўмдан ҳисобланади. Охирги таклифимиз – Akay City’дан битта 70 кв метрли уй ва битта 94 кв метрли уй таклиф қилганмиз. Бизда уйлар «коробка» ҳолатида, агар хоҳлашса, девор қилиб берамиз.

Кадастр ҳужжатларига кўра, фуқаро уйининг яшаш майдони 131 кв метрдан зиёдроқ. Биз эса Akay City’дан жами 169 кв метрни ташкил этувчи иккита уй таклиф қиляпмиз», – деди Akay City вакили.

Ҳар икки томон бир-бирини судга берган

Гап шундаки, фуқаро Чингиз Расулов бу уйда иккинчи оиласи билан яшаб келмоқда. Ўзидан ташқари, биринчи турмуш ўртоғи, укаси ва икки нафар таниши ҳам бу уйга мулкдор ҳисобланади.

Ҳовлининг жами ер майдони 400 кв метр (4 сотих)дан ошиқ. Умумий яшаш майдони эса 131 кв метрни ташкил қилади. Компания ер участкасининг жами майдонидан келиб чиқиб эмас, яшаш учун мўлжалланган майдондан келиб чиқиб фуқароларга 169 кв метрли уй таклиф қилмоқда.

Лекин фуқаро Чингиз Расулов уйнинг умумий майдони 400 кв метр бўлгани сабабли кўп қаватли турар жой мажмуасидан 400 кв метрли турар жой сўрамоқда.

Бу «савдолашиш»лар қарийб 2 йилдан бери давом этмоқда.

Фуқаро Чингиз Расулов қурилишни тўхтатиш бўйича Akay City устидан маъмурий судга ариза берган. Компания эса фуқарони мажбурий тартибда чиқариш учун судга даъво аризаси киритган. Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда.

Қонунчилик нима дейди?

Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли қарорибилан тасдиқланган низомнинг 34-бандига кўра, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинишига – очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар тўлиқ баҳолангандан, шунингдек, мулкдорларнинг олдиндан розилиги олингандан сўнг йўл қўйилади.

Akay City’нинг осмонўпар бинолари орасида розилиги олинмаган хонадон қолиб кетгани юқорида тилга олинган низом талабига риоя қилинмаганига ишора қилмоқда.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

 

Источник: kun.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *